2022 йил 22 февралда Хоразм Маъмун академияси ташаббуси билан Матназар Абдулҳаким таваллудининг 74 йиллигига бағишланган адабий кеча ўтказилди. Адабий кечада Хоразм Маъмун академияси олимлар, Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳамда магистрлари, “Ичан қалъа” музей-қўриқхонаси илмий ходимлари, ўқувчи ёшлар, бир гуруҳ шоирнинг замондошлари: рассомлар, шоирлар ҳамда шоирнинг фарзандлари қатнашди. Адабий кечани Маъмун академияси раиси Икром Абдуллаев очиб берди ҳамда олим, шоир, таржимон Матназар Абдулҳакимнинг хотирасини абадийлаштириш, ижодини кенг тарғиб қилиш, жаҳон миқёсига олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Шундан сўнг А.Ўразбоев, С.Қурбонов, О.Исмоилов, К.Худойберганов, Д.Юсупов, М.Абдуллаев, Р.Махмудов каби қатор олим, ижодкор, рассомлар, магистр ҳамда ўқувчи ёшлар сўзга чиқдилар ва Матназар Абдулҳаким ҳақида ўз хотираларини ифодаладилар, олимнинг таржима асарлари, шеърлари ҳақида фикр билдириб, асарларидан парчалар ўқидилар. Адабий кечада Матназар Абдулҳаким шеърлари асосида яратилган қўшиқлардан куйланди. Шунингдек, Маъмун академиясида Матназар Абдулҳакимга бағишланган кўргазма ташкил қилинди. Кўргазмада шоир қаламига мансуб китоблар, шоирнинг ўз дастхати билан ёзилган шеърлар, мукофотлари, шоирнинг шахсий кутутбхонасига оид буюмлар намойиш қилинди. Тадбир сўнгида Матназар Абдулҳаким хотирасига бағишлаб тиловат қилинди.