Бухоро вилояти Ромитан туманида жойлашган «Bukhara Desert Oasis» экотуризм марказида «Заковат» брейн-ринг интеллектуал ўйини республика босқичининг гранд финал ўйини ўтказилди. Барча рақибларини мағлуб этиб финалгача етиб келган Хоразм ва Навоий жамоалари ҳал қилувчи ўйинда куч синашди. Икки раунд натижаларига кўра Хоразм жамоаси билимдонлари 4:3 ва 4:2 ҳисобида Навоий жамоаси устидан ғалаба қозонди. Қувонарлиси шундаки Хоразм жамоаси билимдонлари таркибида Хоразм Маъмун академияси раисининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Ҳасанов Шодлик Бекпулатович ҳам муносиб қатнашганидир. Муносиб финал баҳсларига шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташриф буюрди. Якунда президентимиз ғолибларни нафақат соврин сифатида берилган “Жентра” автомобиллари билан тақдирлади, шунингдек, “Заковат” клуби асосчиси Абдурасул Абдуллаевни "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи" унвони, супер-чемпионга айланган Хоразм жамоасининг 3 нафарини “Келажак бунёдкори” медали билан, 3 нафарини “Шуҳрат” медали билан тақдирлади ва шахсан ўзи саҳнада тақдирланган 7 кишига медалларни тақиб қўйди. “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлар орасида Ҳасанов Шодлик Бекпулатович ҳам бор. Шу муносабат билан Хоразм Маъмун академияси жамоаси Ҳасанов Шодлик Бекпулатовични ғолиблик ва медал, қолаверса, юртбошимизнинг юксак эътибори ва эътирофи билан чин дилдан табриклайди.